Мендан нима қолар: Икки мисра шеър, Икки сандиқ китоб, Бир уюм тупроқ. Одамлар ортимдан Нима деса дер, Мен сени ўйлайман Ўзимдан кўпроқ – Лола, лолажоним, Лолақизғалдоқ!
Мен кетсам, ёмондан Йироқ бўл, оҳу, Чунки сен чиройли, Кўркли бир жувон. Ёмон кунлар бир кун Яхши бўлар-у, Ёмон одам яхши Бўлмас ҳеч қачон… Яша чегарада Тургандек огоҳ, Лола, лолажоним, Лолақизғалдоқ!
Уларни мен яна Кўрарманми-а, Айвондан одамдек Кузатолмадим. Куз. Тўйлар бошланди. Юрагим пора – Битта қизимни ҳам Узатолмадим… Демак, тақдир экан Тўй кўрмай ўлмоқ, Лола, лолажоним, Лолақизғалдоқ!
Бироқ, кўнглим сезар, Мендан кейин ҳам, Бир кун бу ҳовлига Одам тўлади. Ҳали тўйлар қилиб Чарчайсан, эркам, Менинг қизларим энг Бахтли бўлади! Келинлар кўйлаги Руҳимдай оппоқ – Лола, лолажоним, Лолақизғалдоқ!
Гулим, яқинроқ кел, Қара, не савдо, Бу ажиб ишларни Дил лавҳига ёз: Кимга қаср етмас, Кимга мол-дунё, Менга эса ҳаво Етмайди, холос. Тириклар мудроқда, Ўликлар уйғоқ – Лола, лолажоним, Лолақизғалдоқ!
Кўксим куйиб борар, Кўкрак ёнмоқда, Айтинг дўхтирларга, Ёришса ёрсин! Жисм ўз улфати – Жондан тонмоқда. Бечора жон энди Қаерга борсин. Энди осмон йироқ, Энди ер юмшоқ – Лола, лолажоним, Лолақизғалдоқ!
Буну хаёт дерлар, Унутма асло, Бир кун очиласан, Бир кун сўласан. Қалбимда-ку, фақат Сен эдинг танҳо, Қабрим устида ҳам Ўзинг бўласан. Сен бизнинг севгидан Хотира – байроқ, Лола, лолажоним, Лолақизғалдоқ!